Jump to content

Венесуэла

From Vikipediya
Венесуэла Боливар Республикаси
Репúблиcа Боливариана де Венезуэла
ШиорДиос й Федераcиóн
Мадҳия: Глориа ал Браво Пуэбло
(Глорй то тҳе Браве Натион)
Лоcатион оф Венесуэла
Пойтахт Каракас
Расмий тил(лар) Испанча
Ҳукумат Президентлик Республика
Ниcолас Мадуро
Мустақиллик (Испаниядан)
• Сана
5-июл 1811
Майдон
• Бутун
912,050 км2 (33-ўрин)
• Сув (%)
0.32
Аҳоли
• 2022-йилги рўйхат
29,789,730 (43-ўрин)
• Зичлик 29/км2
ЙИМ (ХҚТ) 2020-йил рўйхати
• Бутун
АҚШ$144,737 миллиард. (73-ўрин)
• Жон бошига
АҚШ$6,135
Пул бирлиги Боливар (ВЕБ)
Вақт минтақаси УТC—4
• Ёз (ДСТ)
УТC—4
Қисқартма ВЕ
Телефон префикси 58
Интернет домени .ве

Венесуэла (Венезуэла), Венесуэла Боливар Республикаси (Репúблиcа Боливариана де Венезуэла) — Жанубий Американинг шимолийдаги давлат. Шимолидан Кариб денгизи ва Атлантика океани билан ўралган. Майд. 912,1 минг км2. Аҳолиси 28.2 млн. киши (2022). Пойтахти — Каракас шаҳри. Маъмурий жиҳатдан федерал (пойтахт) округ, 22 штат, 72 федерал ҳудудга бўлинган.

Давлат тузуми

[edit | edit source]

Венесуэла — федератив республика. Амалдаги конституция 1999-йил 30 декабрдан кучга кирган. Давлат ва ҳукумат бошлиғи — президент (1999-йил феврал дан Уго Рафаэл Чавес Фриас). У 6 йилга сайланади, кетма-кет иккинчи марта сайланиши мумкин. Қонун чиқарувчи ҳокимият бир палатали парламент — Миллий ассамблея; у аҳоли томонидан умумий тўғри яширин овоз бериш йўли билан 5 йилга сайланади. Ижроия ҳокимиятни президент бошчилигидаги ҳукумат амалга оширади.

Табиати

[edit | edit source]

Венесуэла ҳудуди релефига кўра 3 қисмдан иборат: шимоли-ғарб ва шимолида Анд тоғларининг бир қисми — Серраде-Периха ва Кордилера-де Мерида тоғлари (Боливар чўққиси, 5007 м), марказида Ориноко текисликлари (Лянос Ориноко) — бал. 40–150 м гача бўлган аллювиал пасттекислик ва жануби-шарқда Гвиана ясситоғлиги — денудацион текислик (300–400 м) бор. Венесуэланинг асосий қазилма бойлиги нефт (Венесуэла чекка букилмаси ва Маракайбо ботиғида) ва газ; темир рудасининг йирик конлари, марганес рудаси, олмос, олтин, никел ва волфрам конлари ҳам бор.

Иқлими иссиқ субекваториал бўлиб, езда ёғин кўп ёғади, қиши қуруқ, жануби-ғарбда эса иқлими экваториал, нам. Ойлик ўртача температура 25° дан 29° гача, шимоли-ғарбда 280 мм, марказий қисмида 750–1200 мм, жануби-шарқда 2000 мм гача ва жануби-ғарбда ҳамда Кордилера-де Мериданинг шимолий ён бағирларида 2000–3000 мм гача ёғин ёғади. Дарёлари кўп, асосан Ориноко дарёси ҳавзасига киради; Ориноконинг юқори оқими ва унинг ўнг ирмоқлари (Вентуари, Каура, Карони ва б.) серостона, жуда кўп шаршаралар ҳосил қилади (дунёда энг баланд Анхел шаршараси — 1054 м Венесуэла ҳудудида), чап ирмоқларида кема қатнайди. Энг йирик кўли — Маракайбо кули. Қизил латерит (ферраллит ва феррит) тупроқлар кўпроқ учрайди, жануби-шарқий ва жан-.да подзоллашган латерит, Қуйи Ляноснинг шимолида ва Маракайбо пасттекислигининг жанубида ўтлоқи-ўрмон ва ботқоқ тупроқлар тарқалган. Венесуэла ҳудудининг ярмидан кўпи ўрмон, доимий яшил ўрмонларда қимматбаҳо дарахтлар ўсади, баланд тоғларда ўтлоқлар бор. Ляносда саванналар, пасттекисликларида мангра чакалакзорлари кўп. Миллий боғлари: Канайма, Серрания-ла-Неблина, Хауа-Сарисаринама ва б.

Ҳайвонот дунёси жуда бой. Бу ерда маймунлар, майда буғулар, ялқов чумолихўр, зирҳлилар ва б. ҳайвонлар яшайди. Қушлардан қора тумшуқли қўтон, катта шафтолихўр, тўти, колибрилар бор. Дарёларда кайман (тимсоҳ) ва электрик илонбалиқлар кўп.

Аҳолиси

[edit | edit source]

Асосан, венесуэллар (90%). Венесуэланинг жанубида ярим кўчманчи индейс қабилалари, шарқса, Ориноко делтасида варрау, ғарбда, Колумбия чегарасида чибча, кариб ва аравак қабилалари яшайди. Давлат тили — испан тили. Диндорлар асосан католиклар. Шаҳар аҳолиси 84%. Йирик шаҳарлари: Каракас, Маракайбо, Баркисимето, Валенсия ва б.

Тарихи

[edit | edit source]

Кадим замонлардан Венесуэла ҳудудида аравак, кариб ва б. майда шеваларда гаплашадиган индейс қабилалари яшаган. Бу қабилалар ибтидоий-жамоа тузумининг турли босқичларида бўлиб, овчилик, балиқчилик ва деҳқончилик билан шуғулланган. 1498-йил Х. Колумб Венесуэла соҳилларига кириб келган. 1499-йил испанларнинг А. де Охеда экспедицияси Венесуэла қирғоқларини Маракайбо қўлтиғигача текширганида индейсларнинг сувда қозиқлар устига қурилган турар жойларини кўриб, бу диёрни Венесуэла (кичик Венесия) деб аташди. 16-аср бошларида испанлар Венесуэла ни босиб олди. 1810-йил Венесуэлада мустақиллик учун кураш бошланди. Бу курашга Ф. Мирандо, кейинчалик С. Боливар раҳбар бўлди. Натижада 1811-йил Венесуэла мустақилликка эришди. 1819-йил Венесуэла Буюк Колумбия Республикаси таркибига кирди. 1830-йилдан Венесуэла — мустақил давлат. 19-асрнинг 2-ярмидан мамлакатга чет эл капитали суқилиб кирди. 1913-йилда нефт конлари очилди. Нефт чиқаришнинг тез суръатлар билан ўсиши натижасида ишлаб бсрувчи саноатнинг бир қанча тармоқлари пайдо бўлди, бу эса мамлакатнинг ижтимоий ва иқтисодий тараққиётига ҳал қилувчи таъсир қилди. 1947-йил генерал Медина Ангарита ҳарбий режими ағдарилгач, атоқли ёзувчи Ромуло Галегос мамлакат президенти бўлиб қолди. Галегос ҳукумати чет эл нефт компаниялари даромадларидан давлат фойдасига олинадиган солиқни кўпайтирди, бу компанияларнинг фаолиятини чеклайдиган бир қанча тадбирлар кўрди, саноатда давлат секторини яратиш, аграр ислоҳот ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди. Ана шу тадбирлар, шунингдек Венесуэланинг сиёсий мустақилликка эришиш йУлидаги ҳаракати чет эл монополияларининг норозилигига сабаб бўлди. 1948-йил ноябрда бир гуруҳ зобитлар чет эл монополиялари ёрдамида давлат тўнтариши ўтказди. Перес Хименес 1952-йилда мустабид диктатура режим и ўрнатди. П. Хименес ҳукумати даврида (1952—58) Венесуэла иқтисодий асоратга тушди. Бироқ мамлакатдаги барча сиёсий кучлар бирлашиб, диктатурага қарши қуролли қўзғолон кўтарди ва 1958-йил январда Хименес ҳукумати ағдарилди. Бу ғалаба натижасида мамлакатда демократик йўлдан бориш, меҳнаткашларнинг энг муҳим талабларини қондириш имконияти туғилди. Бироқ президент Р. Бетанкур ҳукумати миллий мустақилликни ҳимоя қилиш ва миллий иқтисодиётни ривожлантириш керак десада, амалда реаксион кучларга ён бериш сиёсатини юритди. Р. Бетанкурнинг реаксион сиёсатидан мамлакатдаги барча сиёсий гуруҳлар норози эди. 1963-йилдекабрда сайланган президент Р. Леони ҳукумати ана шуни ҳисобга олиб, ички ва ташқи сиёсатда жуда усталик билан иш тута бошлади. Бироқ бу сиёсат ўз моҳиятига кўра, миллат манфаатига зид сиёсат бўлганидан мамлакатда илғор кучларнинг қаршилиги кучая борди. 1968-йил апрел да ҳукмрон "Демократик ҳаракат" партиясида парокандалик рўй берди ва у 1968-йил президент сайловида мағлубиятга учради. 1968-йил президент сайловида Социал-христиан партиясининг раҳбари Р. Калдера ғалаба қозониб, 1969— 74 йил лардаги муддатга давлат бошлиғи қилиб тайинланди. Шундан кейин ҳам Венесуэлада давлат президенти бир неча марта ўзгарди. Венесуэла 1945-йилдан БМТ аъзоси. Ўзбекистон Республикаси билан дипломатия муносабатларини 1996-йил 26 апрелда ўрнатган. Миллий байрами — 5 июл — Мустақиллик эълон қилинган кун (1811).

Сиёсий партиялари ва касаба уюшмалари

[edit | edit source]

Демократик ҳаракат, 1941-йилда асос солинган; Халқ сайлов ҳаракати, 1967-йил да тузилган; Миллий конвергенсия, 1993-йилда асос солинган; Республикачи демократик иттифоқ, 1946-йилда тузилган; Социал-христиан партия, 1946 йда тузилган; Социализм учун ҳаракат, 1971-йил тузилган; Венесуэла Коммунисток партияси, 1931-йил ташкил этилган; Радикал иш партияси; Бешинчи Республика ҳаракати, 1997-йил асос солинган; Сўл инқилобий ҳаракат, 1960-йил тузилган. Касаба уюшмалари: Венесуэла меҳнаткашлари ягона маркази, 1963-йилда тузилган; Венесуэла меҳнаткашлари конфедерацияси, 1936-йил да ташкил этилган.

Хўжалиги

[edit | edit source]

Венесуэла — Лотин Америкасида иқтисодий жиҳатдан ривожланган мамлакатлардан бири. Унинг хўжалиги нефт қазиб олиш ва уни қайта ишлашга ихтисослашган. Бу соҳада Венесуэла дунёда олдинги ўринлардан бирида туради. Давлат нефт ва газ саноати, электр энергетика, темир руда қазиб чиқариш ва нефт кимёси тармокларини ўз ихтиёрига олган. Венесуэла ялпи маҳсулотида саноат 48% ни, хизмат кўрсатиш тармоғи 45 % ни, қишлоқ хўжалиги 7% ни ташкил этади.

Саноати

[edit | edit source]

Мамлакат валюта тушумларининг 90% дан кўпроғини нефт саноати таъминлайди. Нефтни қайта ишловчи 12 завод йилига салкам 80 млн. тонна нефтни қайта ишлайди. Шунингдек табиий газ, юқори сифатли темир рудаси, боксит, марганес, никел, олтин, олмос, тошкўмир ҳам қазиб олинади. Йилига 61 млрд. кВт-соат электр энергия ҳосил қилинади (ярмидан кўпи ГЕС ларда). Кимё ва нефт кимёси саноати, автомобилсозлик, қора металлургия ривожланган. Озиқ-овқат, тўқимачилик, чармпоябзал, қоғоз, семент саноати корхоналари бор. Асосий саноат марказлари: Каракас, Маракайбо, Валенсия, Маракай, Пуэрто-Кабело, Ла-Гуайра.

Қишлоқ хўжалиги

[edit | edit source]

Иқтисодий фаол аҳолининг 12 % га яқини шу соҳада банд. Йирик ер эгалиги устун. Ер майдонининг 2% га яқини ишланади. Яйлов ва ўтлоқлар 18%, бошқа ерлар 80%. К-х. маҳсулотлари қийматининг ярми деҳкончиликка тўғри келади. Аммо у мамлакатнинг озиқовқатга бўлган эҳтиёжини қондирмайди. Деҳқончилик асосан тоғ ён бағирларида ва денгиз соҳилларида ривожланган. Анд тоғларидаги ўрмонларни кесиш ва ёндириш йўли билан ҳам ер очиб деҳкончилик қиладилар. Асосий озиқ-овқат экинлари: маккажўхори, шоли, кофе, какао. Бундан ташқари картошка, дуккакли экинлар, шакаркамиш, суғориладиган ерларда пахта ҳам етиштирилади. Чорвачиликда қорамол, чўчқа, қўй ва эчки боқилади. Каракас, Маракайбо атрофларида йирик сутчилик фермалари бор. Аммо аҳолининг сутга бўлган эҳтиёжи фақат 50 % қондирилади. Денгиз ва дарёларда балиқ овланади.

Транспорти

[edit | edit source]

Ички юк ташишнинг 90% га яқини автомобил транспортига тўғри келади. Автомобил йўлларининг уз. 101 минг км, темир йўл ларнинг уз. 336 км. Денгиз савдо флоти мавжуд. Асосий портлари — Ла-Салина, Пуэрто-Кабело, Маракайбо, Амуай, Пунта-Кардон. Четга чиқариладиган маҳсулотларнинг 9/10 қисмини нефт ва нефт маҳсулотлар ташкил этади; шунингдек алюминий, темир рудаси, прокат, кимёвий маҳсулотлар, минерал хом ашё, олтин ҳам чиқаради. Четдан машина ва асбоб-ускуна, эҳтиёт қисмлар, озиқ-овқат маҳсулотлари, доридармон, транспорт воситалари, буғдой, маккажўхори, сут маҳсулотлари олади. Ташқи савдодаги асосий мижозлари: АҚСҲ, Бразилия, Германия, Канада, Италия, Япония ва б. Пул бирлиги — боливар.

Тиббий хизмати

[edit | edit source]

Венесуэла Соғлиқни сақлаш вазирлиги раҳбарлик қилади. Давлат даволаш муассасаларида бепул тиббий хизмат кўрсатилади, хусусий шифокорлар ҳам бор. Мамлакатдаги касалхоналарда 40 мингга яқин ўрин бор. 15 минг шифокор хизмат кўрсатади. Шифокорларни университетларнинг 7 факултети тайёрлайди.

Маорифи, илмнй ва маданвй-маърифий муассасалари

[edit | edit source]

Мамлакатда 7 ёшдан 14 ёшгача бўлган болаларга бепул мажбурий таълим берилади. Бошланғич мактабда 6 йил, ўрта мактабда (лицейда) 5 йил ўқитилади. Хусусий мактаблар ҳам бор. Каракасда Марказий университет, Валенсия, Маракайбо, Мерида шаҳарларида университетлар мавжуд. Миллий тил академияси (1882), тиббиёт академияси (1904), бОдан ортиқ илмий тадқиқот муассасаси ва 60 илмий жамият, Каракасда Миллий кутубхона (1883), Тасвирий санъат, тарих ва С. Боливар музейлари бор.

Матбуоти, радиоэшиттириш ва телекўрсатуви

[edit | edit source]

Венесуэлада нашр этиладиган йирик газ.лар: "Насионал" ("Миллат", 1943-йилдан), "Универсал" (1909-йилдан), "Ултимас нотисиас" ("Сўнгги хабарлар", 1941-йилдан), "Мундо" ("Жаҳон", 1958-йилдан). Йирик журналлари: "Моменто" ("Лаҳза", 1959-йилдан), "Элите" ("Элита", 1925-йилдан). Венпрес ҳукумат ахборот агентлиги 1975-йилда тузилган; "Иннак" хусусий ахборот агентлиги 1958-йилдан бери ишлайди. Радиоэшиттириш 1930-йилдан (асосан испан тилида), телекўрсатувлар 1952-йилдан олиб борилади. Бир қанча радио ва телестансиялар бор. Радиоэшиттириш ва телекўрсатувларни Венесуэла Миллий радиоси ва Венесуэла Миллий телевидениеси назорат қилади.

Адабиёти

[edit | edit source]

Испанлар босиб олгунча бўлган индейсларнинг халқ оғзаки ижоди намуналари сақланиб қолмаган. Ёзма адабиёт асосан испан тилида ривожлана бошлади. 19-аср бошларида ҳажвчи Венесуэла Салиас, шоир Х. А. Монтенегро, драматург Х. Д. Диас, публицистлар Ф. Миранда ва С. Боливар асарларида маърифатпарварлик ғоялари акс этди. Венесуэла мустақилликка эришгандан кейинги янги адабиётнинг шаклланишида шоир ва олим Андреас Белонинг маърифатпарварлик руҳида ёзилган "Поэзияга мурожаат", "Тропик деҳқончилик шарафига" поэмалари муҳим рол ўйнайди. 19-асрнинг 2-ярмидан Венесуэла адабиётида романтизм ҳукмронлик қилди. Бу оқимнинг Х. П. БоНалде, Х. Р. Енес, Х. Калкано каби намояндалари ижодида Европа ва Америка романтизми асарларига тақлид кучли. 19—20-асрлар чегарасида натурализм ва модернизм оқимлари пайдо бўлди. Демократик ва инқилобий ҳаракатлар таъсирида танқидий реализм ривожланди. Мамлакатдаги ижтимоий зиддиятлар, меҳнаткашларнинг қашшоқ ҳаёти Р. Галегос ("Салар оиласидан охирги киши", 1920; "Доня Барбара", 1929; "Қашшоқ негр", 1937), Р. Д. Санчес ("Нефт", 1936), М. О. Силва ("Безгак", 1939;"Бўш қолган уйлар", 1957) каби ёзувчилар ижодида ўз ифодасини топди. Г. Л. Каррери "Менинг эътирозим" (1962) ҳикоялар тўпламида, Э. Суберо "Зулматда" (1963), Э. Коломбани "Бугун хитоб қиламан" (1963) китобларида халқ оммасининг норозилик кайфияти ва курашларини акс эттирдилар. Тараққийпарвар адиблар тинчлик, демократия йўлида баракали ижод этмоқдалар.

Меъморлиги ва тасвирий санъати

[edit | edit source]

Палма шоҳлари ёпилган кулбалар индейсларнинг турар жойлари бўлган. 16-асрдан бошлаб испанлар томонидан шаҳарлар бунёд этила бошланди. 18-асрда Венесуэла шаҳарларида бинолар, асосан, шаҳар майдони атрофида (барокко услубида) қурилди. Ла-Гуайра, ПуэртоКабело, Каракас ва б. шаҳарларда икки қаватли турар жой, савдо, маъмурий бинолар ҳамда ибодатхоналар қурилиши авж олди. 19—20-асрларда Венесуэлада Европа усулида қурилган кўп қаватли ҳар хил меъморий иншоотлар қад кўтарди. Л. Урданета, Р. Гарема, Г. Бермудес каби меъморлар етишди. Қурилиш, асосан, Каракасда ривожланди. Лотин Америкасининг машҳур меъмори К. Р. Вилянуэва иштирокида Венесуэлада университет шаҳарчаси ва б. бинолар қурилди. Замонавий меъморлик темир-бетон конструксиялар асосида ривожланди.

Венесуэла ҳудудида испанлар босиб олгунга қадар индейслар кулолчилиги ва қоя рассомлиги ривожланган эди. 17—18-асрлар рассомлиги ва ҳайкалтарошлиги асосан диний ҳарактерда. 19-аср бошларида маҳаллий портрет санъати вужудга келди (Х. Ловера). 19-аср ўрталарида озодлик ҳаракатининг таъсирида ватанпарварлик руҳидаги тарихий ҳайкалтарошлик (М. Гонсалес, Э. Паласиоси-Кавело) ва рассомлик (М. Товари-Товар, А. Мичелена) ривожланди. 19-аср охири — 20-аср бошларида жанрчи А. Мичелена, романтик К. Рохас, манзарачи Ф. Брандт, импрессионизм вакиллари — Э. Боггио, Р. Монастериос каби рассомлар ижод қилдилар. Венесуэла санъатида реализм билан бир қаторда модернизм оқимлари ҳам тарқалган.

Театри

[edit | edit source]

Каракасда 16-аср дан бошлаб театр томошалари ора-сира кўрсатила бошлади. 1853-йил Маракайбода биринчи миллий комедия ("Виждонсиз, бахил ва дангаса", М. Фернандес) саҳналаштирилди. 19-асрнинг охири — 20-асрнинг биринчи ярмида Венесуэла драматургиясидаги жонланиш театр санъатида ҳам ўз аксини топди. 50-й. ларда бир неча театр мактаблари очилди. Каракасда Комедия театри, "Театр мунисипал", "Театро насонал", "Полиэдро", "Атенео" ва б. театрлар бор. Маракайбо, Баркисимето, Мерида каби шаҳарларда ҳам театрлар мавжуд. И. Грамко, С. Ренхифо, В. Франко, И. Чокрон ва б.нинг песалари қўйилади. А. де Паси-Матеос, К. Ортис, А. Лопес, Н. Куриел, Х. Торрес ва б. театр арбоблари машҳур. 1959-йилдан Венесуэла театри фестивали ўтказиб турилади.

Киноси

[edit | edit source]

Венесуэлада биринчи филм ("Каракасда карнавал") 1909-йил суратга олинган. Миллий кино санъати эса 20-асрнинг 30-й.ларида юзага келди. 1948— 54 йилларда Каракасда "Боливар филм" киностудияси ишлади. Бир неча кинопрокат фирмаси бор. Венесуэлада йилига 2—3 тўла метражли филм ишлаб чиқарилади. Венесуэлада тайёрланган "Морена Клара" кўп қисмли бадиий филми Ўзбекистон телевидениеси орқали бир неча марта намойиш этилди. С. Энрикес, У. Петерсен, М. Лара, Р. Чалбауд, А. Рохас, Э. Фернани, Э. Монтехо Венесуэланинг машҳур кино арбобларидир.

Венесуэланинг Ўзбекистон Республикасидан географик жиҳатдан олислиги сабабли улар ўртасидаги савдо иқтисодий алоқалар эндигина ривожлана бошлади. Икки мамлакат ўртасидаги товар айланмаси 1997-йилда атиги 0,2 минг АҚСҲ долларини ташкил этди.[1]

Манбалар

[edit | edit source]
  1. ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил